European Union External Action

БОМКА Марказий Осиё ва Афғонистон бўйича дастурининг 10-босқичини бошлади

09/07/2021 - 09:59
News stories

Марказий Осиё ва Афғонистонда Чегараларни Бошқаришга Кўмаклашиш Дастури (БОМКА) 2021 йилнинг 14-июнидан 9-июлигача дастурнинг 10-босқичини тадбиқ этиш доирасида минтақадаги миллий ҳамкорлари билан қўшма учрашувларни бошлади. Хусусан, дастур гуруҳи Қирғизистон, Қозоғистон, Тожикистон, Туркманистон, Ўзбекистон ва Афғонистоннинг хавфсизлик кенгашлари вакиллари, ташқи ишлар вазирликлари, божхона ва чегара хизматлари, миграция ва маҳаллий ривожланиш идоралари ҳамда чегараларини бошқариш соҳасига дахлдор бошқа идоралар вакиллари билан учрашувлар ўтказмоқда. Мазкур учрашувлардан мақсад минтақадаги шерик мамлакатларни дастур лойиҳасининг янги босқичи билан таништириш ва лойиҳа доирасида режалаштирилган тематик тадбирлар бўйича манфаатдор давлат агентликлари билан маслаҳатлашишдан иборат. Учрашувлар натижасида лойиҳанинг иш режаси ва фаолияти белгилаб олинади ҳамда 2021 йил 1 октябрдан тематик тадбирларни муваффақиятли бошлаш учун асос тайёрланади.

Марказий Осиё ва Афғонистонда Чегараларни Бошқаришга Кўмаклашиш Дастури (БОМКА) Европа Иттифоқи томонидан молиялаштирилади ва Латвия Республикаси Давлат чегара хизмати етакчилигида Европа Иттифоқининг ҳамкорлар консорциуми томонидан амалга оширилади. Лойиҳа 2021 йил 1 апрелдан иш бошлаган. Уни амалга ошириш муддати 54 ой ва бюджети 26,7 миллион еврони ташкил этади. Дастурнинг асосий мақсади - чегараларни яхлит бошқариш орқали барқарор иқтисодий ривожланишга кўмаклашиш ва шу аснода минтақада хавфсизлик ва барқарорликни оширишдир. Мазкур босқич аввалги фаолиятнинг ютуқ ва натижаларига асосланиб, ҳамкорликнинг янги йўналишларини ўз ичига олади ва эндиликда нафақат Марказий Осиё (Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Ўзбекистон), балки Афғонистон давлати чегараларини ҳам қамраб олади.

 

“Европа Иттифоқи Марказий Осиё давлатларига чегаралар хавфсизлигини ошириш ва гиёҳвандлик моддаларини олиб ўтилишга қарши курашда ёрдам бериш учун БОМКАдек узоқ муддатли ва муваффақиятли минтақавий лойиҳани қўллаб-қувватлаб келмоқда. Лойиҳа шунингдек, одамлар ва товарларнинг Марказий Осиё ҳудудида ва минтақадан дунёнинг бошқа мамлакатларига ҳаракатланишида чегаралардан ўтишини енгиллаштиришга кўмак бермоқда. БОМКАнинг янги босқичи Афғонистонни ҳам қамраб олгани бизни қувонтирди, чунки бу Марказий Осиё мамлакатлари билан стратегик ҳамкорликни ривожлантириш, минтақада тинчлик, барқарорлик ва фаровонликни таъминлашда жуда муҳим қадамдир,” дейди Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги элчиси Шарлотт Адриан хоним.

Эслатиб ўтамиз, Марказий Осиёда БОМКА дастурини амалга ошириш 2003 йилда бошланган ва шундан буён Дастур чегара назорати органлари ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантиришда ижобий рол ўйнаб келади, шу билан бирга чегараларни яхлит бошқариш концепциясини қўллаш орқали Марказий Осиё мамлакатларига чегара назорати амалиётини халқаро, шу жумладан, Европа Иттифоқи стандартларига яқинлаштириш учун кўмак бериб келмоқда.

БОМКА-10 ва учрашувлар ҳақида кўпроқ маълумот олиш учун дастурнинг минтақавий алоқалар координатори Ойгул Болотова билан боғланишингиз мумкин: тел +996 552 778979, Aigul.Bolotova@icmprd.org

 

Author