Delegation of the European Union to Uzbekistan

Дехқонободда янги инклюзив Давлат хизматлари маркази ўз ишини бошлади

23/06/2021 - 08:23
News stories

Жорий йилнинг 10 июнь куни мамлакатимизнинг чекка ҳудудларидан бири бўлган Қашқадарё вилоятининг Деҳқонобод туманида янги, замонавий Давлат хизматлари марказининг (ДХМ) очилиш маросими бўлиб ўтди.

Жорий йилнинг 10 июнь куни мамлакатимизнинг чекка ҳудудларидан бири бўлган Қашқадарё вилоятининг Деҳқонобод туманида янги, замонавий Давлат хизматлари марказининг (ДХМ) очилиш маросими бўлиб ўтди.

Очилиш маросимида Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги элчиси Шарлотт Адриан иштирок этди ва у қуйидагиларни таъкидлади: "Глобал пандемия бизга аҳолининг барча қатламлари: аёллар, имконияти чекланган, айниқса, энг чекка ҳудудлардан одамлар учун давлат хизматларини ривожлантириш қанчалик муҳимлигини аниқ кўрсатиб берди. Давлат хизматларини рақамлаштиришни ҳамма жойда ривожлантириш зарур. Шунингдек, бу давлат хизматларини кўрсатиш шаффофлигига ва тезкорлигига олиб келади. Европа Иттифоқи бу борада Ўзбекистонни қаттиқ қўллаб-қувватлайди ва ёрдам беради. "

Ушбу Давлат хизматлари маркази - Европа Иттифоқи томонидан молиялаштирилаётган, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги ва БМТ Тараққиёт дастурининг  “Ўзбекистоннинг қишлоқ ҳудудларида давлат хизматларини тақдим этишни такомиллаштириш ва бошқарув даражасини ошириш” қўшма лойиҳаси доирасида синов ҳудудлари сифатида танлаб олинган 7та ҳудудлардан биридир.

Мазкур марказ замонавий ахборот-коммуникация ускуналари (серверлар, шахсий компютерлар, тармоқ ва телекоммуникация қурилмалари, видеокузатув мосламалари, фойдаланувчиларнинг фикр-мулоҳазалари билан танишиш мосламалар ва бошқалар) билан жиҳозланган, шунингдек, бу ерда фуқаролар учун қулай кутиш жойи яратилган ва замонавий совитиш тизими билан таъминланган.

Марказ биноси қурилиши жараёнида унинг замонавий шаҳарсозлик стандартларига мувофиқлиги ва фуқаролар, хусусан, ногиронлиги бор инсонлар учун қулай шароитларни яратишга алоҳида эътибор берилган. Электрон навбат тизими, ахборот киоскаси, электрон хизматлардан мустақил равишда фойдаланиш учун қурилма, болалар майдончаси, буфет, мини-кутубхона ва WiFi мавжуд. Марказда мустақил равишда давлат хизматларидан фойдаланишнинг турли имкониятлари тўғрисида ташриф буюрувчилар  хабардорлигини ошириш мақсадида  плакатлар ва ахборот стендлари ўрнатилган.

 

Бу ерда бошқа аксарият Давлат хизматлари марказларидаги каби, экстерриториал асосда, яъни фуқаронинг доимий яшаш жойидан қатъий назар хизматлар тақдим этилади.

Деҳқонободдаги янги Давлат хизматлари марказида 157га яқин давлат хизматларини тақдим этилади ва кунига 100 кишига хизмат кўрсатишга қодир. Бундан ташқари, ушбу марказ биносида тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш бўйича Бош вазир қабулхонаси ва Президентнинг Халқ қабулхонаси жойлашган.

Яқин келажакда қўшма лойиҳа кўмагида Марказда Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш маркази ҳам ўз фаолиятини бошлайди. У ерда аёллар бизнесни бошлаш ва юритиш, ҳуқуқий масалалар, бепул психолог маслаҳати ва ёрдамини олишлари мумкин.

Марказ аҳолининг барча қатламларига, шу жумладан кичик болали аёллар, турли гуруҳдаги ногиронлиги бор инсонлар, ёшлар ва қарияларга мўлжалланган. 147 минг аҳоли истиқомат қилувчи Деҳқонобод туманида аҳолининг қарийб 3 фоизини ногиронлиги мавжуд инсонлар ташкил қилади. Улардан 400дан ортиқ нафари ногиронлар коляскалари ёрдамида ҳаракатланади ва 66 нафари кўзи ожиз инсонлардир. Давлат хизматларидан фойдаланишни янада яхшилаш мақсадида Давлат хизматлари агентлиги Қўшма лойиҳа кўмагида барча янги хизмат кўрсатиш марказларини, шу жумладан Деҳқонобод туманидаги Давлат хизматлари марказинини пандуслар, тутқичлар, шунингдек, ногиронлар аравачалари ва бошқа зарурий шароитлар билан таъминламоқда.

Бундан ташқари, Қўшма лойиҳа доирасида давлат хизматларидан фойдаланишнинг қулайлигини ошириш мақсадида Брайл ёзувидан фойдаланиш, ногиронлиги бор инсонларга хизмат кўрсатиш марказлари операторлари учун тренинглар ўтказиш ва давлат хизматлари порталида имконияти чекланган инсонлар учун махсус таб ишлаб чиқиш режалаштирилган.



Деҳқонобод Давлат хизматлар марказида илк бор волонтёрлар (кўнгилли) дастури амалиётда қўлланиши режалаштирилган бўлиб, ушбу дастур доирасида волонтерларни Давлат хизматлари агентлиги ва унинг марказлари фаолиятига кўмаклашишга жалб этиш, яъни аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари - ногиронлар, кексалар ва кичик болали аёлларга давлат хизматларини кўрсатишга кўмаклашишга қаратилган. Барча волонтерлар чекка ҳудудларда аҳолига давлат хизматларини кўрсатиш бўйича махсус тренинглардан ўтдилар. Ҳар бир волонтёр ўз вазифаларини бажариш учун зарур бўлган техник воситалар билан таъминланади.

Шуни таъкидлаш жоизки, COVID-19 пандемияси пайтида давлат хизматларини кўрсатишда фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлаш учун барча марказлар электрон термометрлар, антисептиклар билан таъминланди ва марказ ходимларига бино ичида карантин чекловларига риоя қилиш бўйича керакли кўрсатмалар берилди.

***

Алоқа учун:

Римма Мухтарова, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги ва БМТТДнинг “Ўзбекистоннинг қишлоқ ҳудудларида давлат хизматларини тақдим этишни такомиллаштириш ва бошқарув даражасини ошириш” қўшма лойиҳасининг Жамоатчилик билан алоқалар бўйича мутахассиси

Тел.: (+99893) 501-74-01

 

Севара Закирова, Давлат хизматлари агентлигининг Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бўлими

Тел.: (+99899) 033-58-85

Editorial Sections:

Author